Volkswagen 10 йил ичида 70 моделдаги электрокарлар ишлаб чиқаради

17 марта 2019 Volkswagen 10 йил ичида 70 моделдаги электрокарлар ишлаб чиқаради

Volkswagen компанияси ва унинг таркибига кирувчи маркалар 2020 йилдан бошлаб 2030 йилгача 100 фоизга электрлаштирилган 70 та моделдаги автомобилни лойиҳалашни ўз олдига мақсад қилди. Бу вақт ичида сотиладиган электрокарлар сони 22 млнтага етиши керак. 

2017 йилда 2030 йилгача Audi, Bentley, Bugatti, Seat, Skoda, Porsche ва Volkswagen брендлари остида 50 та моделдаги электрокарларни ишлаб чиқаришни кўзда тутган Roadmap E стратегияси амалга оширилиши эълон қилинган. Концерн экологик стандартлар қатъийлаштирилганини ҳисобга олиб, савдоларда электромобиллар улушини 40 фоизгача етказишга қарор қилган ва бу мақсадда моделлар бўйича режасини 70 та янги электромобилгача оширган. 

Концерннинг илк экологик машиналари Audi e-tron ва Porsche Taycan бўлади. E-tron жорий майдан бошлаб Европа Иттифоқида сотила бошланади, Porsche Taycan эса куз бошида тақдим қилинади. Сўнгра I.D. хэтчбеги, I.D. Crozz кроссовери, Seat el-Born хэтчбеги чиқарилади.

2018 йилда электрда юрувчи машиналар, жумладан электрокарлар ва гибридлардан бутун дунё бўйлаб 2,1 млн дона сотилган. Бу қийматдан 69 фоизи электрокарларга тўғри келган. Электрокарлардан энг кўп Хитойда сотилган (1,182 млн дона). Бу борада 2-ўринни Европа Иттифоқи (409 мингта электркар) ва 3-ўринни АҚШ (308 минг машина) эгаллаган.