Тошкентда «Яндекс.Метро» мобил иловаси ишга тушди. Бу ҳақда Spot компанияга таянган ҳолда хабар бермоқда.
Унинг ёрдамида шаҳар аҳолиси ва сайёҳлар метродаги керакли йўналишни кўриши, қаерда бошқа йўналишга ўтиш кераклиги ҳамда сафарга қанча вақт кетишини билиб олиши мумкин.
Фойдаланувчи жўнаш ва етиб бориш бекатларини белгилаши кифоя - «Яндекс.Метро» йўналиш ва керакли ўтиш жойи ёки шаҳарга чиқиш учун ўтириш қулай бўлган вагонни кўрсатади.
Иловада ҳар бир бекат иш жадвали ва уларнинг шаҳар харитасида жойлашувини кўриш мумкин. Агар станция таъмирлаш учун ёпилса, у схемада кўрсатилади.
«Яндекс.Метро» билан саёҳатчиларнинг темирйўл ва автовокзалга етиб олиши осон бўлади - улар харитада махсус белгиларга эга. Сервис хорижда ҳам ёрдам беради: Москва, Санкт-Петербург, Екатеринбург ва Россия, Беларусь, Украина ҳамда Туркиядаги яна 10та шаҳар метро схемалари мавжуд.
Илова Android ва iOS’да бор. У интернетсиз ишлайди. Фойдаланувчилар метро схемаси тилини танлашлари мумкин - ўзбек ёки рус тили. Келгусида харитада Тошкентнинг диққатга сазовор жойлари ва бошқа фойдали маълумотлар пайдо бўлади.