Ҳаётимиз давомида иш, ўқиш, саёҳат қилиш ёки бошқа мақсадлар билан албатта темир йўл хизматидан фойдаланамиз.
Баҳор фаслининг кириб келиши билан кишиларнинг шу каби юмушлар сабаб мазкур транспорт воситасига бўлган талаби янада ортади. Бундай пайтда йўловчи поездларида кўрсатиладиган хизмат сифати, вагонлар тозалиги, турли касалликларнинг олдини олиш мақсадида ҳашарот ва зараркунандаларга қарши етарли даражада дезинфекция қилинганлиги муҳим ҳисобланади.
Kun.uz сайти “Ўзбекистон темир йўллари” АЖга қарашли “Ўзтемирйўлйўловчи” АЖнинг Йўловчи вагонларни рейсга тайёрлаш ва йўловчиларга хизмат кўрсатиш марказида бўлиб, маҳаллий аҳоли ва чет эллик меҳмонларга хизмат кўрсатувчи йўловчи поездларида бу ишлар қай даражада йўлга қўйилганлигига эътибор қаратди.
Одатда биз касса орқали поездларга чипта харид қиламиз ва ушбу транспорт воситаси ёрдамида ўз манзилимизга етиб оламиз. Қарангки, йўловчи вагонларида темир йўл хизматчилари томонидан мазкур жараёнгача бўлган муддатда ҳам маълум тартибдаги ишлар амалга оширилар экан. Ўйлаймизки, мазкур жараёндан хабардор бўлиш ўқувчиларимиз учун қизиқарли бўлади.
Жараёнда дастлабки иш йўловчиларни ўз манзилига етказиб қайтган вагонларни тозалашдан бошланади. Бунда вагондаги барча инвентарлар (ёстиқ, ёпинчиқ ва чойшаблар) ечиб олиниб қайта ювишга юбориш учун махсус қопларга солинади.
Инвентарлар йиғиб олингандан кейинги иш поездда йўловчилар томонидан ташлаб кетилган турли идиш ва чиқиндиларни тозалаш ҳисобланади.
Бу жараён якунлангач вагонлар махсус хизматчилар томонидан ҳашарот ва зараркунандаларга қарши дезинфекция қилиб чиқилади. Дезинфекция жараёнида фойдаланиладиган барча дори воситалари Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан рухсат берилган воситалар бўлиши лозим. Жумладан, ҳозирги вақтда йўловчиларга хизмат кўрсатувчи поездларни ҳашаротлардан зарарсизлантиришда “Булдок супер”, “Бетон”, “Титан”, “Амбрель” каби дорилардан фойдаланилмоқда. Ҳашаротларнинг (суварак, чумоли) дориларга адаптация қобилиятини инобатга олиб ушбу дори воситалари ҳар ҳафтада алмаштириб турилади.
Ниҳоят вагонлар дезинфекция қилиб бўлинди. Энди улар ойна ва эшиклари ёпиқ ҳолатда камида икки соат сақланади. Бу пайтда поездга ҳеч кимнинг киришига рухсат берилмайди.
Икки соатлик тиним даври тугагач йўловчи поезд вагонлари энди ташқи ювиш учун махсус мойкаларга олиб борилади. Бу ерда вагонлар махсус ювиш воситалари билан бир неча бор тозаланади. Жараён худди автомобил ювиш шохобчаларидаги каби амалга оширилади: ювиш учун махсус геллар, ювиш шеткалари ва сув.
Поезд вагонлари икки томонлама тозалашдан ўтказилди. Навбат вагонларни иситиш учун (совуқ мавсумда) кўмир ва йўловчиларни ичимлик суви билан таъминлаш. Бу жараён ҳам навбатдаги махсус режимда амалга оширилади.
Йўловчи поезд икки томонлама тозалашдан ўтиб, вагонлар кўмир ва ичимлик суви билан таъминланди. Энди навбат ювиш учун топширилган инвентарларни қайта жойлаштиришга.
Шу ўринда эслатиб ўтиш керакки, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖга қарашли йўловчи поездларидаги инвентарлар ҳар куни махсус тозалаш ва ювиш жараёнидан ўтади. Ахир вагонлар тозалиги, зарарли ҳашаротлардан холи бўлиши ва охир-оқибат мижозлар соғлиги мижозлар оқимига ҳам таъсир ўтказади-да.
Йўловчи поездимиз йўлга чиқиш учун тайёр, қўлингиздаги чипта билан ўз манзилингиз томон йўлга чиқишингиз мумкин. Биз эса сафарингиз бехатар бўлсин, деймиз.