Қўштепа тумани ҳокимига чорвачилик ўгай соҳами? Озуқа камлигидан 35 бош наслли қорамоли ҳаром ўлган(нобуд бўлган) фарғоналик чорвадор ҳасрати

17 марта 2019 Қўштепа тумани ҳокимига чорвачилик ўгай соҳами? Озуқа камлигидан 35 бош наслли қорамоли ҳаром ўлган(нобуд бўлган) фарғоналик чорвадор ҳасрати

Фарғонада фермернинг қорамоллари ҳаром ўлмоқда

“Гўшт яна қимматлабдими?”, “Нега, сут маҳсулотларининг нархи кундан-кунга ошиб бормоқда?”, деган саволларни кўп эшитамиз. Бу эса ўз-ўзидан пайдо бўлган саволлар эмас. Маълумки, мазкур маҳсулотларни етиштириш қишлоқ хўжалигининг алоҳида соҳаси гарданида. Саволларга жавобни таҳлилий тарзда бериш мумкин. “Чунки, чорвачилик дея аталмиш соҳани узоқ йиллар давомида эътиборсиз қолдирдик, ҳисоб. Шунинг учун гўшт ва сут маҳсулотлари нархи кундан-кун қимматлашиб борди”.

Чорвачилик - жуда катта илм. Унинг узлуксиз ривожланиши учун бир қатор омиллар ишга тушиши лозим. Биринчи навбатда соҳага эътибор. Ем-озуқа базаси. Наслчилик. Кадрлар етиштириш...

Шукрки, сўнгги йилларда чорвачиликни изчиллик билан ривожлантириш борасида бир қатор ҳужжатлар имзоланиб, соҳа вакилларига эътибор кучайди.

Бугунги таҳлилий материал туёқ етиштиришдаги муаммолар ҳақида.

Қорамол боқиш ҳақидаги мақолага жимжимадор сўзлар умуман ярашмайди. Бу сўзлар маъносини эса хонадонида ҳеч бўлмаса бир дона қўй боқиб кўрган одамдан сўранг...

Марказий Фарғона чўлидаги зўр чорвадорнинг ютуқ ва муаммолари

Марказий Фарғона чўлида фермерлик қилиш осон эмас. Дашт шароитида тинимсиз табиат қийинчилиги билан курашиб, унумдор бўлмаган ерда икки ҳисса меҳнат қилишга тўғри келади. Бу ҳудудларда чорвадорлик билан шуғулланиш эса ундан-да сермашаққат.

Мақоламиз қаҳрамони Абдуманноб Қосимов, Фарғона вилояти Қўштепа туманидаги “Олимбой ҳожи” фермер хўжалигини 2001 йилдан бери бошқариб келади.

Абдуманноб Қосимовнинг сайтимизга йўллаган мурожаатидан сўнг унинг хўжалигида бўлдик.

Хўжаликдаги чорвачилик фермаси билан танишиш асносида шунга амин бўлдикки, Абдуманноб акани эл ичида бекорга “Забардаст фермер” демас эканлар. Унинг бошчилигидаги юздан зиёд қорамол, қўй, от, туя, қўйингки, чорва туёғининг барчаси боқилаётган фермага фақат ҳавас қилиш мумкин.

Айни пайтда уста чорвадорнинг шашти паст. Сабаби, унинг қорамоллари азобланмоқда. Муаммолар ечими эса, Қўштепа туман ҳокимияти мутасаддиларга боғлиқ.

 

Фермер ўтган йил ёзда Германия давлатига бориб, 99 бош Гольштейн наслли қорамол олиб келади. Ҳар бири 2070 еврога тушган қорамолларнинг келиши, Фарғонада яхшигина воқеа бўлган. Вилоят телевидениеси, газета ва журналлар мазкур чорва молларини келиши ҳақида чиройли кўрсатувлар тайёрлаганди.

Абдуманноб Қосимов бу ҳақда шундай дейди: “2018-йил  20 август кунида қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Фарғона вилоятнинг Қўштепа туманида саноат, хизматлар соҳаси ва қишлоқ хўжалигини ривожлантириш орқали аҳоли бандлигини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори юзасидан тузилган Манзилли рўйхатга “Олимбой ҳожи” фермер хўжалигига Германиядан Жаҳон банки ва Халқ банки кредити асосида наслли қорамол олиб келиш вазифаси ҳам киритилган. Мен ишга бел боғлаб киришиб кетдим. Шундай қилиб, 2018 йилнинг 3 сентябрь куни қорамоллар етиб келди. Маълумки, чорва учун жой ва қаров билан бир вақтда энг зарур нарса бу - озуқа. 99 бош наслли чорвага меъёрдаги ем-хашак, озуқа базаси зарур. Ҳужжатларга асосан ҳар бир наслли қорамол учун 50 сотих ер майдони ажратилади.

Муаммолар мана шу ерда бошланди. Туман ҳокимлигига, “Олимбой ҳожи” хўжалигига қарашли 58 гектар ғалла экиладиган ер майдонини чорвачиликка айлантириб беришни сўраб ариза ёздим. Аризам қаноатлантирилмади.

Вилоят ҳокимимиз Ш. Ғаниев қабулига бордим. Вилоят ҳокими Қўштепа тумани ҳокими И. Новиковга раҳбарлигимдаги хўжалик ер майдонини чорвачиликка ўтказиб беришини таъкидлаб, топшириқ берди. Лекин натижадан дарак йўқ.

Орадан 2 ой ўтиб, менинг чорва фермамдан 12 километр узоқликдаги умуман ҳеч қандай деҳқончилик қилиб бўлмайдиган сувсиз жойдан 59,8 гектар ер майдони ажратилганини билдим. Туман ҳокимлигидаги мутасаддиларга, “Ахир бу ер, қип-қизил  қум-ку? Сув йўқ, шўр бўлса. Ўсимлик ўсмайдиган жойдан қандай ем-озуқа оламан. Банкрот бўлишим керакми?”, дея қилган мурожаатларим жавобсиз қолди. Узоқ масофада жойлашган, гиёҳ ўсмайдиган қумлик жойни менга кераги йўқ”, дедим.

Туман ҳокими менга “ Хоҳласангиз шу, бўлмаса қорамолларни олиб, ерни топшириб кетинг” деди.

Қўштепа туманида чорвачиликни ривожлантириб, аҳолини иш билан таъминлашга қилаётган ҳаракатларимга бўлган муносабатдан бошим қотди.

Сутни қайта ишлаш ва колбаса ишлаб чиқариш технологияларини олиб келиб, корхона қуриш учун ҳаракатни бошлаган эдим. Наҳотки, чорвачилик туманга бегона бўлса?”.

Энг ёмони, айни пайтда ем-озуқанинг меъёрида бериб рацион асосида боқа олмаётганим учун наслли қорамолларим нобуд бўлмоқда. Тасаввур қилинг, 35 бош қорамол ҳаром ўлди”.

Қорамоллар нимадан нобуд бўлмоқда?

Чорвачилик фермасидаги жараённи кузатдик. Ўтган йили Германиядан келтирилган наслли қорамоллар бўғоз экан. Қиш ичи болалабди. Уларнинг бузоқлари ҳам кўзга кўриниб қолган. 70 бош наслли бузоқча дуркун катта бўляпти. Қарангки, ўтган йили Германиядан келтирилган наслдан юзга яқин зот олинибди. Бу ҳам туман чорвачилигига қўшилган ҳисса.

Фермадаги молларни парваришлаш, ем бериш жараёнларини кузатдик. Янги қурилган молхона ҳам чорва боқиш учун жуда қулай бунёд этилибди.

Бироқ, фермада фаолият олиб борувчи ветеринар ҳолсизланиб қолаётган, касал молларни даволаш билан банд бўлиб, томиридан укол қилаётган эди. Яна бири молхона ўртасида чўзилиб ётибди.

Чорвадор ичкари хонадан шода қилиб ипга ўтказилган қорамол қулоқларини олиб чиқди. Биласиз, ҳар бир шартли қорамолнинг рақами унинг қулоғидаги тамғачада акс этади.

“Кўриб турганингиз, ўтган йили Германиядан 2070 еврога келтирилган қорамолларнинг қулоқлари. 35 бош наслли қорамол ем-озуқа етишмаслиги оқибатида иммунитет тақчиллиги билан касалланиб нобуд бўлди. Мен улардаги касаллик аломатларини кўриб, вилоятдаги барча ветеринарларни чақириб текширтирдим. Ахир, касаллик юқумли бўлса атрофдаги бутун чорвага хавф солиш мумкин. Ўлган молларни текширган мутахассислар бу ҳолатга озуқа бирлиги етишмаслиги сабаб эканлигини айтишди. Шундан сўнг ўзим миниб юрган, “Кобальт”, “Каптива” автомашиналаримни сотиб, ем келтириб, ҳайвонларни ушлаб турибмиз. Ўтган йилнинг ўзида 800 миллион сўм зарар кўрдик. Жаҳон банкидан олинган кредитни тўлаш вақти келган. Хўжалигимдаги 55 гектар ер майдонини чорвачиликка ўтказиб беришса, арпа, сули, маккажўхори ва лавлагини бирин-кетин экиб бориб, ем-озуқа базасини яратиш мумкин эди. Афсуски, бу йил ҳам мажбур ғаллага шартнома имзолатишди ”, дейди фермер.

Актлар билан танишамиз. Унда бор фактлар ёзилган.

Биз қорамоллардан хабар олгани келган туман ветеринария бўлими бошлиғи Убайдулло Турсуновдан қорамолларнинг ўлиб қолаётганини сабаб нимада эканлигини сўраганимизда, мутахассис қуйидагича жавоб берди:

“ Мана фермадаги шароитни кўриб турибмиз. Парвариш учун қулай муҳит бор. Айни пайтда молларнинг ҳолати – эпизодик барқарор. Чорвачиликда қишга ем-озуқа базаси тайёрланади. Биз туманга наслли қорамоллар келганида жуда хурсанд бўлганмиз. Чорва ҳайвонлари нобуд бўла бошлагач, вилоятда лаборатория таҳлилларини ўтказдик.

Қаерга олиб борсак ҳам бир хил ташхис – алиментар дистрофия. Бу – озуқа етишмаслигини билдиради.

“Қорамоллар нега нобуд бўлаяпти?” деган саволга мутахассислар бу ҳолат ем-озуқанинг етишмаслиги оқибатида юз бераётганини айтишмоқда”.

Туман ҳокимлигида

Қўштепа туман ҳокимлигида бўлдик. Чунки, мутасаддилардан ер майдонини бириктириб беришмаётгани ҳақидаги масалага ойдинлик киритиш зарур эди.

Туман ҳокими И. Новиков кундалик ишлар билан узоқда экан. Навбатчилар туман ҳокимининг қишлоқ хўжалиги бўйича ўринбосари Эркаёр Ғофуров, туман фермерлар уюшмаси раҳбари Музаффарбек Юлдашевларга алоқага чиқишди. Улар етиб келгач, соҳа раҳбарлари билан “Олимбой ҳожи” чорвачилик хўжалиги муаммолари хусусида суҳбатлашдик.

Ҳоким ўринбосари Э. Ғофуровдан чорвачилик хўжалигига ем-озуқа учун ер берилмаётгани ҳақидаги саволимизга барибир жўяли жавоб олишнинг иложи бўлмади.

Мутасадди, чорвачилик хўжалигига Дастур асосида ер берилганлигини айтиб, ўша ерда деҳқончилик қилса бўлишини таъкидлади. Бу йил “Олимбой ҳожи” хўжалигига бириктирилган 55 гектар ерга дон комбинати билан ғалла етиштириш учун шартнома имзолаб бўлингани, мавсум тугагач, чорвачилик учун беришга ҳаракат қилиниши бўйича изоҳ берди. Биз ҳоким ўринбосарига, “Йил охиригача қорамоллар қирилиб кетса-чи?”, деган саволни бердик. Бу савол ҳам очиқ қолди.

Аҳолиси 200 минг нафардан зиёд бўлган Қўштепа туманида 17та чорвачилик фермер хўжалиги фаолият юритади. Мазкур хўжаликлар ҳам туман ҳокимлиги умуман эътибор бермаётганини билдиришди.

Агар, Қўштепа тумани ҳокимлиги “Олимбой ота” чорва хўжалигига эътибор қаратмаса, яна кўплаб наслли қорамол увол бўлади. Хўжалик банкротга учрайди. Ўша ерда ишлаётган 20 нафар киши ишсиз қолади. Хўжаликдан кунига соғилаётган тонналаб сут маҳсулоти йўқ бўлади. Режалаштирилган сут маҳсулотлари ва колбаса цехи ишга тушмайди. Яна 50 нафар аҳоли учун иш жойи ҳам яратилиши сўроқ остида қолади.

Мақола бошида келтирган саволларимизни эслаймиз. Агар “каттакон”лар чорвачиликка айри кўз билан қарайверса, шароит яратиб бермаса гўшт ва сут маҳсулотлари ҳали-бери арзон бўлиши қийин.

Қўштепа ҳокимлигидан бирор саволга жавоб топа олмай қайтар эканмиз, мақола эълон қилингач туман раҳбарлари чўл ҳудуди ўртасида - наслли қорамол, йилқи, туя, қўйчилик билан шуғулланаётган айни пайтда кўмакка муҳтож чорвадор ҳолидан бир бор хабар олармикан, деб ўйладик.

Кўз ўнгимизда эса нобуд бўлган қорамол қулоқлари шодасига тикилиб, сувсиз қумлоқ жойда қандай қилиб экин экишни ўйлаётган чорвадор турарди....

Элмурод Эрматов,
KUN.UZ мухбири.

Фарғона-Қўштепа-Фарғона
Тасвирчи Аҳрорбек Ёқубжонов