Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманида туғилган Шавкат, Мирзиё ва Миромоннинг отаси Шерзод Дўстумродовга Президент совғаси — Spark машинаси совға қилинди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати «Kun.uz»га маълум қилди.
«Чироқчи туманининг Қўрғонтепа қишлоғида тарих фани ўқитувчи Шерзод Дўстумродов оиласида дунёга келган 3 нафар эгизак фарзандларга давлат раҳбарига ҳавас қилиб Шавкат, Миромон ва Мирзиё деб исм қўйилди. 4 март куни Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ва туман мутасаддилари чақалоқларнинг дуркун ва соғлом улғайишлари учун уларнинг ота-оналарига энг керакли бўлган анжомлар ва уй-рўзғор буюмларини ҳамда Spark автомашинасини совға қилишди», дейилган хабарда.
«Бугунги кунда фарзандларимнинг аҳволи ва саломатлиги жуда яхши. Насиб этса юртимиз корига ярайдиган йигитлар бўлишсин», дейди эгизаклар отаси Шерзод Дўстумродов.
Фото: Қашқадарё вилояти ҳокимлиги
Чироқчи туманидаги 166-мактабда тарих фани ўқитувчиси бўлган Шерзод Дўстумродов хонадонида 3 эгизак жорий йилнинг 21 январь куни дунёга келган эди.
Фото: «Дарё»
Фото: «Дарё»
Маълумот учун, бу хонадонда бунгача ҳам 4 фарзанд бор эди. Дастлабки икки ҳомила ривожланмай қолган оилада кейинроқ бир қизалоқ дунёга келади, кетидан ўғиллик ҳам бўлишади. Бир қиз ва бир ўғилдан сўнг эгизаклар дунёга келган — бири ўғил, бир қиз. Шундай қилиб, фарзандлар сони тўрт нафарга етган — икки ўғил, икки қиз.
Фото: Қашқадарё вилояти ҳокимлиги
Январда эса ёш оила яна 3 чақалоқ билан кўпайган.