Рустам Саъдиев «Барон-2» лойиҳасига жалб этилган хорижлик машҳур киноюлдузлар ҳақида маълумот берди

5 марта 2019 Рустам Саъдиев «Барон-2» лойиҳасига жалб этилган хорижлик машҳур киноюлдузлар ҳақида маълумот берди

Таниқли кинорежиссёр Рустам Саъдиев Kun.uz мухбири билан суҳбатда «Барон-2» фильмини тасвирга олиш жараёни ҳақида гапириб ўтди.

Рустам Саъдиев «Барон-2» фильмидаги актёрларнинг юлдузли жамоасига тўхталиб ўтаркан, фильмда испаниялик таниқли актриса Мария Вальверде ҳам иштирок этишга рози бўлгани, фильмнинг географик қамрови ҳақида айтиб ўтди.

«Фильмнинг иккинчи қисмида ўзбек қизининг ролини ижро этиш учун Санъат институтидан ҳам вакиллар бор эди, лекин психологик жиҳатдан мураккаб роль бўлгани туфайли аввалига бу ролда испаниялик актриса Мария Вальвердени синаб кўрмоқчи бўлгандик. Актриса билан музокаралар олиб бордик, у рози ҳам бўлганди. Мариянинг шарти бўйича у иштирок этадиган саҳналарни Испания ёки Португалияда олишимиз керак эди. Кейинроқ мен бунинг имкони йўқлигини айтдим.

Роль тақдирига келадиган бўлсак, уни Юлдуз Ражабова ижро этади. Маҳорат бобида унинг жаҳонга машҳур актрисалардан кам жойи йўқ. «Барон-2» фильми Туркия, Россия, Қозоғистон, Европа ва араб давлатларида экранларга чиқади, дунё таниган актёрлар билан бирга ишлашдан сўнг бизнинг актёр ва актрисаларимизга ҳам талаб кучаяди деб ўйлайман», дейди режиссёр.

У шунингдек таниқли турк актёри Каан Урганжиўғлининг қандай қилиб лойиҳада қатнашишга рози бўлгани тўғрисида сўзлади.

«Каанга мен берган роль ёқди. Дастлаб унга умуман бошқа роль берилганди. У эса сценарийдаги бошқа ролни танлади ва шу ролни беришни сўради. Тўғри, у катта миқдордаги гонорарга ишлайди, лекин биз унга одатдаги миқдорда гонорар бера олмаслигимизни айтдик.

У ўзининг шахсий қадриятлари ва глобал муаммога қарши кураш аҳамиятини англаб, розилик билдирди. Кааннинг гонорари ўзбек актёрлариникига нисбатан бироз кўпроқлигини инкор қилмайман, лекин бу маблағ жуда оламшумул миқдорда эмас.

Шунингдек, «Барон»нинг иккинчи қисми учун ҳомийларимиз ҳам етарлича. Фильмда ўз маҳсулотининг «product-placement»ини амалга ошираётган ҳомийларимиз ҳам йўқ эмас. Ҳам давлат, ҳам ҳомийларнинг маблағлари эвазига таниқли «cast»га эга шундай жиддий лойиҳага қўл урдик.

Менинг кастинг-директорим йўқ, танлаган актёрларим билан ўзим музокарага чиқаман ва ролнинг аҳамиятини тушунтиришга ҳаракат қиламан», дейди режиссёр.

Маълумот учун, Мария Вальверде 1987 йилда Мадридда туғилган, «Осмондан 3 метр баландда», «Осмондан 3 метр баландда-2», «Али ва Нино», «Боржиа» фильмларида ижро этган роллари билан танилган. «Севги изтироби» сериали орқали ўзбекистонлик киномухлислар орасида машҳур бўлган Каан Урганжиўғли эса фаолияти давомида 30дан ортиқ фильмда роль ўйнаган.

«Барон-2» фильми Ўзбекистон, Россия, Туркия ва Миср Араб Республикаси ҳудудида суратга олинмоқда. Кинолойиҳага Ҳолливуд актёрлари, шунингдек Туркия, Россия ва Қозоғистондан таниқли актёрлар жалб этилган.

Хусусан, турк актёрлари – Каан Урганжиўғли, Сафо Зенгин, Мурод Ойдин, машҳур қозоқ актёри Тауекел Мусилим «Барон-2» фильмида роль ижро этишмоқда. Тасвирга олиш жараёни давомида ушбу актёрлар Ўзбекистонга ҳам келиши кутилмоқда.

 «Барон» фильмининг биринчи қисми 2016 йилда томошабин эътиборига ҳавола этилган бўлиб, унда Ҳолливуд актёри Ҳассан Массуд, шунингдек, россиялик машҳур актёрлар Андрей Смоляков, Павел Прилучный ва Фарҳод Махмудов роль ижро этишганди.

Рустам Саъдиев билан суҳбатнинг тўлиқ шаклини Kun.uz’нинг YouTube ва Mover’даги саҳифаларида томоша қилишингиз мумкин.