Европа Иттифоқи статистика хизмати, Халқаро Меҳнат ташкилоти, Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилоти 2017 йил якунларига асосланган маълумотларига кўра, турли давлатлардаги ўртача маошлар миқдори бўйича рейтинг тузиб чиқилганди.
157 та давлат иштирок этган рўйхатда Ўзбекистон 118 ўринни эгаллади ва мамлакатда ўртача маош миқдори 235 долларга тенг, дея эътироф этилган.
Давлат статистика қўмитасининг 2018 йил якунлари ҳисоботи бўйича эса ушбу рақам, деярли ўзгармасдан, 1 млн. 800 минг сўмни ташкил этмоқда.
Кўпчиликни эса ушбу сумма қай тартибда ҳисобланиши қизиқтиради. Бюджет ташкилотларида меҳнат қилувчи ходимларнинг ўртача ойлик маошлари миқдори қайси мезонларга асосланиб чиқарилади? Мутахассислар бу ҳақида батафсил маълумот беришди.
Давлат статистика қўмитаси демография ва меҳнат статистикаси бошқармаси бошлиғи Бегзод Шодиевнинг хабар қилишича, ўртача ойлик маоши жуда оддий ҳисобланади, яъни корхона-ташкилотлардаги умумий ойлик иш ҳақига ажратилган маблағ ишчилар сонига бўлинади ва натижа келиб чиқади.
«Давлат статистика қўмитасига бутун республикадаги юридик (якка тартибдаги тадбиркорлик субъектлари эмас) ташкилотларнинг ҳисоботлари тақдим этилади. Катта корхона ва ташкилотлар ҳар чоракда, кичик субъектлар эса йилда бир марта ҳисобот тақдим этишади ва уларни жамлаб ягона база тузилади. Шунга асосан ўртача ойлик иш ҳақи миқдори чиқарилади», — дея таъкидлади у.
Иқтисод фанлари номзоди Ҳайитмурод Хўжақулов ҳам ўртача ойлик маошни ҳисоблашда юқоридаги анъанавий усулдан фойдаланилиши тўғрисида маълумот берди ва бошқа муқобил вариантларни ҳам келтириб ўтди.
«Маълум корхонада ҳамма ишчилар ҳам бир хил маош олмайди. Ўртача натижа қандай ҳисобланади, деган савол туғилиши табиий. Мисол учун, ташкилотда 200 нафар ходим меҳнат қилади. Уларнинг 50 нафари 2 млн. сўм, 10 нафари 2.5 млн. сўм, 100 нафари 2.8 млн. сўм, қолган 40 нафари эса 3 млн. сўмдан ойлик маош олишади. Келтирилган маошларни ходимлар сонига кўпайтирамиз. Чиққан натижаларни қўшиб чиқамиз ва уни умумий ходимлар сонига бўламиз», — дея қўшимча қилди Хўжақулов.
Шодиев айтишича, энг катта ва энг кичик ойлик маоши деган тушунча йўқ ва унга нисбий тушунча, деб қараш лозим.
«Давлат статистика қўмитаси иш ҳақлари бири иккинчисига нисбатан паст-баланд, дея хабар беради. Масалан, ОАВда таълим ва тиббиёт соҳасидагилар энг кам ойлик олишлари ҳақидаги хабарлар нотўғри талқин қилинганди. Ушбу соҳадаги айрим ходимлар энг юқори ойлик маош олувчи банк ходимларидан ҳам юқори иш ҳақи олишлари мумкин», — дейди у.
Одамлар нега статистик маълумотларга шубҳа билан қарашади? Муносабатни ўзгартириш мумкинми?
Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджет-солиқ тадқиқотлари институти ходими Жамила Авлиёкулованинг таъкидлашича, одамларнинг статистик маълумотларга шубҳа билан қарашига табиий ҳолат сифати қабул қилиш керак.
«Негаки ҳамма ҳам рақамларнинг моҳиятини англаб етолмайди. Вазиятни яхшилаш йўллари йўқ эмас. Телевидениеда peak time вақтида жамиятнинг турли соҳалари бўйича статистик маълумотлар тақдим этиб борилиши керак.
Инфографикалар кўринишида ва содда тилда узатилган ахборот тез ҳазм қилинади. Статистик кўрсаткичларни халққа қандай қилиб етказиш бўйича махсус механизм бўлиши керак. Шундагина рақамларнинг ишончлилик даражаси ошади», — дейди у.
Муҳаббат Маъмирова, kun.uz