Болалигимда укам онамнинг гапига кирмаса, «ана, дўхтир келяпти, укол қилиб кетади», «ҳозир ухламасанг олабўжи келиб, сени еб кетади» қабилида иборалар ишлатишини кўп эшитардим.
Ушбу ҳолат ўзбекча «тарбия»нинг анъанавий, синалган ва таъсирчан усулларидан бири ҳисобланади. «Биз ҳаммамиз қўрқув остида тарбияланганмиз. Хўш, бунинг нимаси ёмон? Фарзанд ота-онасидан ҳайиқиб турса, қинғир йўлларга кирмайди, унда катталарга ҳурмат ҳисси шаклланади», дея фикрловчилар, шу ғояга ишонувчилар ҳам бор.
Жамиятда тарбия ва таълим уйғун тарзда олиб борилади. Унинг узилмас, бир-бирига боғлиқ занжир сифатида талқин этилиши тарихи узоқ йиллар давомида шаклланган қадриятларга бориб тақалади. Камчилик ва хатолар эса «шарқона тарбия» догмаси ортига моҳирона яшириб келинмоқда. Афсуски, бугунги кунга келиб, бутун жамият қўрқув касаллигига дучор бўлганини тан олишга мажбурмиз. Нима учун бундай хулосага келганимни турли мулоҳазалар орқали кенгроқ тушунтиришга ҳаракат қиламан.
Таълимдаги оғриқли нуқталар
Боғча. Боланинг атрофни англаш борасидаги қарашлари шу даргоҳда мустаҳкамланади. Нима деб ўйлайсиз: бу ерда миттивойларнинг шахс бўлиб вояга етиши учун барча шароитлар яратилганми? Тарбиячилар етук шахсни етиштиришга тайёрми? Саволларни бежиз бермаяпман. ОАВ орқали МТМ ходими болаларни уриб, пўписа қилгани ҳақида тез-тез эшитяпмиз, ўқияпмиз. Хўш, соф тарбия қандай бўлиши керак? Боғчадаёқ болалаларга қўрқув уруғини экиш қанчалик фойда келтиради? Мақсад итоаткорликни юзага келтиришми?
Мактабда ҳам қўрқитиш механизми қаттиқ ишлайди, десак хато бўлмайди. Дарс қилиб келмаган ўқувчининг «чиройли сўзлар» билан сийланиши оддий мисол бўла олади. Баъзи устозлар жазони бутун синф олдида қўллашни энг мақбул йўл деб билишади. Гўёки «иккичи»ни тартибга келтириш бошқа ўқувчиларга огоҳлантириш бўлиб янграйди. Айрим ўқитувчилар жисмоний оғриқ етказишни самарали усул деб қарашади.
Ҳамманинг олдида шарманда бўлиш ҳам бунга қўшимча юк бўлади. Синфдошлари қаршисида юзи шувут бўлган ўқувчи кейинги сафар вазифани бажариб келишига ишончингиз комилми, қадрли устозлар? Тўғри, у буни бажаради. Лекин ўз хоҳиши билан эмас, балки қайта гап эшитмаслик учун.
Олий таълим. Барчамизга маълумки, қўрқув бор жойда эркинлик бўлмайди. Арзимас ва примитив қоидалар билан бўғилган ёшлар қандай қилиб ўз сўзини айта олади? Олий таълим муассасасида талабалар сафидан чиқариб юбориш кўринишидаги қўрқув талабага босим ўтказишнинг самарали усули. Турли важ, ички тартиб қоида, ўйлаб топилган бемаъни вазифалар билан унинг итоаткорлигини кучайтириш мумкин.
Кадр ишда ўз ўрнини топа оладими?
Иш бозорига кириб борган мутахассис маълум лавозимни эгаллайди. Бошлиқнинг хоҳиш-иродасига қарши бориш, охир-оқибат ишдан маҳрум бўлиш эса ўша ҳикоянинг давоми.
Ходим ва иш берувчи ўртасида дўстона муносабат ўрнига, ишчиларни кўрқитиб бошқариш афзал кўрилади. Жамият шундай ҳолатга келиб қолдики, фикрни ҳар доим ҳам бемалол ошкора айтиш мумкин эмас. Чунки фикр эркинлигини билдиришга қарши қўрқитиш механизми яхши йўлга қўйилган. Ёки ишдан, ёки ҳаловатдан ажралиб қолишдан чўчиймиз.
Касбим тақозоси туфайли турли ёш, тоифадаги инсонлар билан мулоқот қиламан. Улардан маълум мавзуда шахсий фикрларини сўрасам, ростини айтишдан қўрқишади. Тўғрисўзлиги сабаб муаммолар гирдобида қолишдан қўрқади.
Жамоатчилик назорати нега кучсиз?
Тўлиқ шаклланиб улгурмаган жамоатчилик назоратининг заифлигига сабаб ҳам қўрқоқликдир.
Жамиятда қатъий тартибларни ўрнатиш мақсадида юзага келган ушбу тушунчани сотқинлик, дея нотўғри талқин қилмоқдамиз. Маълум корхона-ташкилот камчиликлари «юқори»дагилар томонидан танқид остига олинса, йўл қўйилган хатоларни тузатишга ҳаракат қилинмайди.
Аксинча, бу ҳақида ким хабардор этгани, нима мақсадда қилгани суриштирилади. Бўлмаган мақсад эса ўйлаб топилади, керак бўлса, жазоланади. Буни кўрган бошқа ходимлар оғзини миқ этиб очолмайди. Натижада муаммолар ташкилот эшигидан чиқмай, ички тизимни емиришда давом этади.
Экспертлар қўрқоқлик ҳақида нима дейишади?
Социолог Завқиддин Гадоев:
«Бола тарбияси ва ўқитиш тизими – ҳаммаси қўрқитиш ва куч ишлатиш устига қурилган. Фарзанд учун танлаш, қарор қабул қилиш имконияти қолдирилмаган. Шу сабабли кўпчилик ўз йўлини мустақил танлолмайди.
Хато қилмасликка ўргатамиз, лекин улардан тўғри хулоса чиқаришга эмас. Натижада ёш авлод хато қилиш, танловни амалга ошириш, қарор қабул қилишдан қўрқади.
Оддий мисол айтаман: пиёлани синдирган болага онанинг муносабатига бир эътибор беринг. Уни уришиб беради, камситади, қўл кўтаришгача боради. Буларнинг бари мияда қўрқув комплексини шакллантиради. Журъатсиз, қатъиятсиз ва шижоатсиз бола кейин нимаям қила олади? Қилганда ҳам қаергача бора олади, деб ўйлайсиз?
Яна бир мисол: Таиландда ҳайвонот боғи ходимлари фил боласи оёғига занжир боғлаб қўйишар экан. Жонивор тутқунликка кўниколмай қаршилик кўрсатади. Узоқ уринишлардан сўнг ҳаракатлари самарасизлигини англаб етади ва тақдирга тан беради. Улғайгач оёғидаги ингичка арқонни занжир, деб ўйлаб унга сўзсиз бўйсунади».
Нейропсихолог, профессор Зарифбой Ибодуллаевнинг фикрича, оммавий тарзда удумга айланган доимий қўрқитишлар ҳар қандай жамият учун фалокатли бўлиши мумкин.
«Мисол учун, боғчада тарбиячининг дўқ-пўписалари: овқат бермайман, ойнадан отиб юбораман, анави бурчакда кун бўйи турасан кабилар ҳар сафар боланинг кўзига қараб айтилаверса, у ҳатто 40 ёшга тўлганда ҳам ерга қараб гапирадиган бўлади.
Мактабда ҳам қўрқитишлар давом этади. «Иккичи»ларни камситиш, болаларга ота-онаси мавқейидан келиб чиқиб муносабат қилишлар ўсмирдаги иштиёқни сўндириб, у ўта қўрқоқ ва тажанг бўлиб вояга етишига олиб келади», — дейди у.
Психолог Мелиева Муаттар:
«Қўрқув пайдо бўлишига инсоннинг ўзига нисбатан ишончи камлиги ёки ўзига қўйилган талабнинг ҳаддан ортиқ кўплиги сабаб бўлиши мумкин.
Қандай қилиб ундан халос бўлиш мумкин? Диққатимизни ўзимизда мавжуд қўрқувга қаратмасликка ҳаракат қилишимиз керак. Қўрқув борлигини тан ололсак ундан ҳам яхши.
Бутун ҳаётимиз хато ва тажрибадан иборат. Инсон қилган хатосидан сабоқ олиши лозим. Ҳаёт дарсларини тўғри қабул қилиш хато қилишдан қўрқишнинг олдини олади. Агар сиз қўрқишни хоҳламасангиз, ҳеч ким сизни қўрқитолмайди».
Кўриниб турибдики, жамиятда аксарият муаммоларнинг асосини қўрқув ташкил этади. Ичимиздаги қўрқувни йўқотишнинг самарали усулларидан бири жамиятдаги янгилик ва ўзгаришларни тўғри қабул қила олишдир, айнан жамияга дахлдорликни ҳис этишдир.
Муҳаббат Маъмирова, kun.uz