Самарқанд вилояти, Пастдарғом туманидаги 13-умумтаълим мактабининг 10-синф қизбола ўқувчисининг жасади 26 февраль куни кечки пайт ўз уйида топилган.
Марҳума яқинларининг ўқувчи қиз синфдошлари гапига таяниб иддао қилишича, ўша куни мактаб директори синфдошларининг олдида унинг юзига тарсаки тортганидан сўнг у уйига келиб, ўз жонига қасд қилган.
Туман халқ таълими бўлими мудири бу иддаони инкор қилар экан, мактаб директори бу воқеа содир бўлишидан тўрт кун аввал ишдан бўшатилганини айтди.
Пастдарғом туманининг Ҳиндибой маҳалласида жойлашган 13 - умумтаълим мактабининг 10-синф қизбола ўқувчиси У.Х. ўз жонига қасд қилгани ҳақида марҳума маҳалладошларидан бири хабар қилди. “Жуда ҳам яхши, одобли қиз эди. Ўша куни мактабдан қайтганидан сўнг ўзини осган. Ҳамма шокка тушиб қолди. Айтишларича, мактабда директор синфдошлари олдида уни урган экан”, деди суҳбатдош.
Марҳума қариндошларидан бирининг айтишича, қизнинг отаси бўлган воқеани суриштириш ва қизининг ўлимига сабаб бўлганларни жазога тортишни сўраб туман прокуратурасига мурожаат қилган. “Ўша куни қизнинг синфдошлари бўлган воқеани қизнинг отасига айтиб берган экан. Энди бу болаларни кимдир қаттиқ қўрқитган ёки босим ўтказган. Қиз отасининг айтишича, ўқувчилар аввалги берган кўрсатмаларидан қайтиб, ҳеч нарса кўрганимиз йўқ, деяпти экан. Шунинг учун ота бу воқеани текшириш учун туман прокуратурасига ариза ёзган”, деди қизнинг қариндоши.
Аммо, Пастдарғом тумани халқ таълими бўлимининг мудири Дилмурод Маматқулов директор ўқувчини урганини инкор қилди:
“Бу иддаолар нотўғри, чунки мактаб директори Дилрабо Абдураззоқова бу воқеадан тўрт кун олдин ишдан олинган эди. Мен ўзим суриштирдим, бу ҳолатнинг мактаб билан боғлиқлик томони йўқ”.
Ўзбекистонда ёшлар, айниқса мактаб, коллеж ўқувчилари орасида ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари кўпайгани кузатилмоқда.
Ўтган уч ой давомида ана шундай саккизта воқеа ҳақида аввал хабар берилди.