Жиззахлик шифокор Х.Қаюмовга 34 йил давомида фойдаланилмаган меҳнат таътиллари учун 68 миллион 941 минг 44 сўм миқдорида компенсация бериладиган бўлди. Бу ҳақда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси маълум қилди.
Хабарда айтилишича, 1978 йилдан Жиззах вилоят Паталогиоанатомия бюросининг паталогоанатом врачи лавозимида ишлаб келган Х.Қаюмов билан тузилган меҳнат шартномаси 2018 йилда бекор қилинган. Аммо бюро раҳбарияти охирги хисоб-китоб қилинаётган пайтда Қаюмовга фойдаланилмаган меҳнат таътиллари учун пулик компенсация тўлаб бермаган.
Қаюмов ўз хуқуқларини ҳимоя қилишда амалий ёрдам сўраб касаба уюшмаларига мурожаат қилди.
Жиззах вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Фуқаролик ишлари бўйича Жиззах туманлараро судига ходимга фойдаланилмаган меҳнат таътилари учун товон пули ундириш ҳақида даъво аризаси киритди. Суд бу аризани қаноатлантирган.
Касаба уюшмалари Федерациясининг билдиришича, Ўзбекистон Меҳнат кодексининг 151-моддаси 1-қисмида меҳнат шартномаси бекор қилинганда ходимга фойдаланилмаган барча йиллик асосий ва қўшимча таътиллар учун пуллик компенсация тўланиши белгиланган.
“Лекин шунга қарамасдан айрим иш берувчилар томонидан ходим билан меҳнат шартномаси бекор қилинганда фойдаланилмаган таътиллар учун компенсация пулларини охирги 3 йил учун бериш ҳоллари мавжуд. Бу эса, юқорида таъкидланган Мехнат кодексининг 151-моддасига зиддир”, дейилади расмий хабарда.