ЎзА 9-синф ўқувчиси синфдошларининг зўравонлигидан эмас, ўз эҳтиётсизлиги оқибатида ўлганини билдирди

4 марта 2019 ЎзА 9-синф ўқувчиси синфдошларининг зўравонлигидан эмас, ўз эҳтиётсизлиги оқибатида ўлганини билдирди

ЎзА Фарғона вилояти Ўзбекистон туманидаги 17- мактабининг 9-синф ўқувчиси синфдошлари томонидан мажбурлаб кимёвий модда ичдирилганлиги боис вафот этганлиги ҳақидаги хабарларни рад этди.

ЎзАнинг 3 март куни Ўзбекистон тумани марказий шифохонаси қабулхонасидан олинган маълумотга таяниб ёзшича, 17- мактабининг 9-синф ўқувчиси Сардор Абдумаликов 15 февраль куни соат 22:30 ларда эҳтиётсизлик сабабли номаълум дорини очиб олгани ортидан ота-онаси томонидан шифохонага олиб келинган.

Бу воқеа юзасидан туман прокуратураси тезкор-тергов гуруҳи тергов олди текширув ҳаракатларини олиб борган.

“Олиб борилган тезкор суриштирув ишлари давомида вояга етмаган С. Абдумаликов боши оғригани учун уйидаги жавондан номаълум дорини ўзининг эҳтиётсизлиги оқибатида ичиб олганлиги, кейин қорни оғриб қолганлиги, бу ҳақда ота-онасига айтгани, уни шифохонага олиб борганлиги, ҳеч ким унга мажбурлаб дори ичдирмаганлиги, оила аъзолари ва бошқа шахслар билан жанжаллашмаганлиги, уларга аччиқ қилиб дори ичмаганлиги, ҳеч ким билан адовати бўлмаганлиги аниқланди”, деб ёзди ЎзА.

Ўн кун давомида шифокорлар назоратида даволанган Сардор Абдумаликовнинг аҳволи яхшилана бошланган, аммо 26 февраль куни бирдан саломатлиги ёмонлашган ва туман касалхонасида вафот этган. Ўлим сабабларини аниқлаш мақсадида суд-тиббий экспертизаси тайинланган.

Аввалроқ Ўзбекистон туманидаги Ўқчи қишлоғида 16 феврал куни 17-сонли мактабда 9-синф ўқувчиси шубҳали кимёвий модда юттирилиши оқибатида ўлгани ҳақида хабар қилинган эди.

Манбалар марҳумнинг мактабдошлари болага синфдошлари карбид экани гумон қилинаётган кимёвий моддани мажбурлаб юттиришганини айтишган.

17-сонли мактабнинг исми сир қолишини истаган ўқитувчиси мактаб раҳбарияти “воқеани бости-бости қилишга уринмоқда”, деб билдирган эди.