Жиззах вилоят, Зафаробод туманидаги 10- умумтаълим мактабнинг 6- синф ўқувчиси, 13 яшар Б. Б. 23 февраль куни ўқувчилар орасида чиққан муштлашув пайтида жароҳат олгани ортидан касалхонада ҳалок бўлди.
Мактаб директори ва туман ИИБ вакилининг Озодликка айтишича¸ ҳолат юзасидан Зафаробод туман прокуратураси жиноят иши очган.
Зафарободда ўқувчи боланинг уриб ўлдирилиши Халқ таълими вазирлиги мактабларда зўравонликнинг олдини олишга қаратилган лойиҳаларни амалга оширишни бошлаган бир пайтга тўғри келди.
Зафаробод туман ИИБ вакилининг 25 февраль куни Озодликка билдиришича, муштлашув иштирокчилари бўлган мактаб ўқувчилари билан ИИБнинг вояга етмаганлар билан ишлаш инспекцияси алоҳида шуғулланмоқда.
Жиззах вилоят халқ таълими бошқармасининг умумтаълим мактаблари билан ишловчи ходими Озодлик билан суҳбатда¸ воқеанинг баъзи тафсилотларни айтиб берди:
- Шанба куни соат 12 лардан ўтиб, танаффус пайтида мактаб ҳовлисида ўқувчилар тортишиб қолган. Шу тортишув чоғида катта синф ўқувчисининг қўли бехосдан 6- синф ўқувчиси Б. Б.га тегиб кетган ва натижада Б. тан жароҳати олган. Зудлик билан у туман касалхонаси жонлантириш бўлимига олиб борилган. Ўша куни (23 февраль - таҳр.) оламдан ўтди. Ўқувчи мактабда ўлди дея олмаймиз¸ - деди мулозим.
Мактаб маъмурияти муштлашувни яширишга уринган
Зафаробод туман ИИБ вакилининг 25 февраль куни Озодликка билдиришича¸ 10- мактаб маъмурияти 23 февраль кунги муштлашув ҳақида ИИБга хабар бермаган:
- Бизга докторлар хабар берди. Қоидага кўра, муштлашувда ўлган ва яраланганлар, касалхонага тушганлар ҳақида врачлар ИИБга маълумот бериши шарт. Врачдан олинган маълумот асосида ИИБ вакиллари бу воқеани қайдга олди. Мактаб маъмурияти жавобгарликдан қўрқиб муштлашув ҳақида бизга хабар етказмади. Бу улар учун минус¸ - деди Зафаробод туман ИИБ вакили.
Зафаробод туман халқ таълим бўлимига қарашли 10- мактабнинг исмини айтмаган директори муштлашув ҳақида ИИБга нега хабар берилмаганини Озодлик мухбирига изоҳлаб бера олмади.
Зафарободда ўқувчи боланинг уриб ўлдирилиши Халқ таълими вазирлиги мактабларда зўравонликнинг олдини олишга қаратилган лойиҳаларни амалга оширишни бошлаган бир пайтга тўғри келди.
Бу борада вазирлик расмий сайтида 24 февраль куни маълум қилинди.
Вазирликка кўра¸ “Мактабларда зўравонликни олдини олиш ва ижобий психологияни ўқитиш методикаси”, деб номланган лойиҳа беш ой давом этади
Лойиҳа мактабларда ўқувчиларнинг эмоционал ҳолатини аниқлаш ва ижобий психология методини ўқитиш орқали буллингнинг (инглизча bullying - жамоанинг, мактаб шароитида ўқувчининг синфдоши ёки мактабдоши томонидан сурункали агрессив таъқиб қилиниши) олдини олиш ва унга қаршиликни оширишга қаратилган.
Озодлик радиоси бунга қадар мамлакатдаги мактабларда юз бераётган зўравонликлар ҳақида қатор мақолаларни эълон қилган эди.