Америкаликлар ўзбек ўқувчиларининг ўқиш ва математика бўйича билимларини баҳолайди

23 февраля 2019 Америкаликлар ўзбек ўқувчиларининг ўқиш ва математика бўйича билимларини баҳолайди

Тошкент. 22 феврал. ЎзТАГ – АҚШнинг Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) ўзбек ўқувчиларининг ўқиш ва математика бўйича билимларини баҳолайди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Халқ таълими вазирлиги ҳамда АҚШнинг USAID вакиллари учрашуви 18 феврал куни бўлиб ўтди. Унда бошланғич синф ўқувчиларининг ўқиш ва математика фанларидан билим даражаларини баҳолаш тизими муҳокама этилди.

“Учрашув доирасида ўқувчиларнинг ўқиш (EGRA) ва математика (EGMA) бўйича қобилиятларни баҳолаш тадқиқотларини ўтказиш масалалари кўриб чиқилди. Мазкур тадқиқотлар бошланғич синф ўқувчиларининг ўзлаштиришини яхшилаш ҳамда таълим жараёнидаги камчиликларни  аниқлашга ёрдам беради”, - дейилади ХТВ матбуот хизматининг хабарида.

Қайд этилишича, ушбу баҳолаш тизими дунёнинг 70дан ортиқ мамлакатларида қўлланилади. Шунингдек, PISA, ТIMSS, PIRLS каби ўқувчилар билими даражасини баҳолаш учун халқаро тадқиқотлар ҳамда дастурлар тайёрлаш учун яхши восита ҳисобланади.

Шунингдек, томонлар бюджет ва ҳомийлик маблағлари масаласи бўйича Халқ таълими вазирлигига америкалик экспертларни жалб этишни ҳам муҳокама қилдилар.

Сурат манбаи: liter.kz