Даврий нашрларга мажбурий обуна атрофидаги гап-сўзлар билан газеталар тиражининг пастлиги ва хоразмлик журналистнинг қамалиши орасида қандай боғлиқлик бор? Фикри ожизимча, булар занжирнинг бир бирига боғланган ҳалқаларидир.
Ўтиш даври машаққатлари
Ҳокимликлар, солиқ ва бошқа таъсир ўтказиш қудратига эга бўлган органлар ёрдамида обуна ўтказилишига кўникиб қолган таҳририятлар учун эркин бозор шароитида ишлаш тизимига ўтиш анча ўнғайсиз, машаққатли ва ноқулайликка эга бир юмушга айланди. Аслида бу ишни, яъни мажбурий обуна тартибини бундан анча аввал йўқотиш лозим эди. Шундай бўлганда, аллақачон даврий нашрларнинг сараги саркка пучаги пучакка ажраларди. Мазмунини, дизайнини, ўқувчисига бўлган муносабатини ўзгартира олган нашрларгина қоларди, янгича шароитда ишлаш тажрибасини ортирган бўларди.
Масаланинг бу томонини эътиборсиз қолдарган айрим таҳририятлар мажбурий обунага қарши гапирган ҳар бир кишининг ўз душманлари сифатида қабул қилишмоқда. Аслида ким дўсту ким душман? Нега бошқа мамлакатларда обунага мажбурлаш ҳеч кимнинг хаёлига келмайди? Ўзига керак бўлмаган нарсага пул тўлаш қайси мантиққа ёки қоидага тўғри келади? Ва энг асосий савол: нега газетангизни ўз ихтиёри билан одамлар сотиб олмайди ёки унга обуна бўлмайди?
Ушбу саволларга жавоби бўлмаган таҳририятларнинг ҳолига вой, улар янги шароитда ишлай олмайди. Шуни инобатга олиб, аввал газета ўзи нима, уни нега ўқишади, ададининг оз ёки кўплиги нима билан боғлиқ деган, бир қарашда оддий ва жавоби юзада қалқиб ётгандек кўринган саволларга таҳририятларнинг аниқ жавоблари бўлиши керак.
Туман ва шаҳар газеталар билан танишган одамда уларда ишлаётганларнинг ҳаммаси ҳам юқоридаги саволларни ўзига бериб, уларга жавоб ахтармоқда деб бўлмайди. Акс ҳолда мажбурий обунаги ёпишиб олмасдан газетанинг тиражини оширишнинг бошқа, дунёда тан олинга ва кенг тарқалган усулларидан фойдаланишга ҳаракат қилинарди. Ана шундай йўллардан бири ва асосийси газетани ўқишли бўлишига, ундаги материаллар мазмунининг ранг-баранглиги эришишдир. Бу қачон содир бўлади? Қанча вақт керак? Унгача газеталар тиражини сақлаб қолиш учун нима қилиш лозим?
Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси Самарқанд вилоят бўлими бошлиғи Фармон Тошев куни кеча “Мажбурий обунага” барҳам бериш баҳонасида матбуотни йўққа чиқариш зиёлининг иши эмас” сарлаҳаси остида эълон қилган мақоласида матбуот таъсирчанлигини оширишни босқичма-босқич амалга ошириш зарурлигини уқтириб, шундай дейди: “Токи одамлар газета ўқиш завқидан бебаҳра қолмасин, шунинг баробарида уларда танлов кўникмаси шакллансин”.
Шу ўринда муаллифнинг “майли, газеталаримиз сифати, мазмуни ҳақида баҳслашайлик, бу ҳолатни баҳолаш мезонини ишлаб чиқайлик, бир-биримизга баҳо берайлик” деган таклифи диққатга сазоворлигини қайд этмоқчи эдим.
Ана шу нуқтаи назардан қараганда, Самарқанд вилоятида чоп этилаётган газеталарнинг сифати ва мазмуни қандай? Газетани қўлга олганда, ўқувчининг юраги “жиз” этадими, ундаги материалларни бир бошдан ҳафсала билан ўқиб чиқишга жазм қиладими?
Айрим нашрларга бир назар...
Нарпай туман ҳокимлигининг нашри бўлмиш “Пахтакор овози” газетасининг охирги 5-6 ойда чиққан сонларини кўздан кечирганда, пайдо бўлган айрим фикрларим билан ўртоқлашмоқчиман. Бир қатор бошқа маҳаллий газеталар каби бу “Овоз”да ҳам туман муаммолари ёритилганини деярли учратмайсиз. Сарлавҳалар материал моҳиятини очиб беришга хизмат қилмаган, уларнинг аксарияти бир хил қолипдаги шаблон сўзлар йиғиндисидан иборат. Масалан, “Гиёҳвандлик – аср вабоси”, “Соғлом ҳаёт тарзи – фаровон ҳаёт гарови”, “Жаҳолатга қарши маърифат”, “Дефоляция – муҳим тадбир” каби сийқаси чиққан сарлавҳалар кимни қизиқтира олади? Ёки “Ҳалол тадбиркорлик қонун ҳимоясида”, “Инсон қадри улуғ” “Дастурий вазифа”, “Очиқлик, ошкоралик, шаффофлик” сарлавҳалари остида берилган материал ўқувчини ўзига жалб қила оладими? Ахир булар кичик мақола ёки хабарнинг сарлавҳаси эмас, китобнинг номи бўлса арзийди-ку!
“Бебеҳо неъмат” сарлавҳасига кўзим тушиб, қизиқиб қолдим, нима ҳақида гап кетаётган экан деб мақолага кўз югуртирдим. Унда ўқитувчи ҳақида сўз юритилган экан. Демак, сарлавҳа материал мазмуни хусусида ҳеч қандай маълумот бермайди, яъни у мавҳум. Очиғи, ўқитувчининг неъматга қиёсланганлигини олдинлари учратмаган эдим.
Олий суд раиси ва унинг ўринбосарларининг фуқаролар қабули ўтказганлиги ҳақидаги хабарнинг бир жумласи шундай бошланган: “Ўтган ҳафта бошида ер юзининг сайқали саналмиш, кўҳна ва ҳамиша навқирон Самарқанд шаҳрида...”. Бу ерда изоҳнинг ҳожати йўқ деб ўйлайман. Газетанинг бир неча сонида шоира Зулфия Мўминованинг мақолалари берилган. Аммо улар ушбу нашр учун алоҳида ёзилганми ёки бошқа жойдан кўчириб босилганми, маълум эмас. Яна бир гап: битта саҳифадаги материаллар турли катталикдаги шрифтда терилган.
Газетанинг журналистлар касб байрами муносабати билан чиқарилган сонида “биринчи газета саккизинчи асрда Венецияда чоп этилган” дейилади. Бу ерда VIII асрда Хитойда чоп этилаган “Цзинь бао” (“Пойтахт янгиликлари”) газетаси назарда тутилган бўлса керак. “Газета” сўзининг ўзи XVI асрда Италияда пайдо бўлганлигини аксариятимиз биламиз.
Энди бошқа туман газетаси “Иштихон овози”нинг сарлавҳаларидан айрим намуналар билан танишайлик: “Истеъдод ва нафосат синови”, “Далада зафар шукуҳи”, “Фахр ва масъулият”, “Инсон ҳуқуқлари энг олий қадрият”, “Аёл – жамият таянчи”, “Инсоний фазилатлар аёл таянчи”...
1400 нусхада чоп этилаётган “Оқдарё овози” газетасида турли ҳужжатларга кенг ўрин берилган. Масалан, бир саҳифанинг иккита расмий ҳужжат билан тўлдирилганлигига нима дейсиз?
Айрим туман газеталари бир саҳифада 2-4та материал жойлаштириш билан чекланмоқда. “Жомбой тонги” бу борада анча пешқадам ва унинг ҳар бир саҳифасини ўқиб, 7-10та ранг-баранг хабар ва мақоладан баҳраманд бўлиш мумкин.
Маҳаллий нашр газетами ёки туман ҳокимлигининг ахборот варақасими?
Аҳоли сони 150 мингдан 300 минг нафар ва ундан юқори бўлган туман ҳамда шаҳарларда газета бир мингтадан тўрт мингтагача ададда чоп этилмоқда. Бу жуда оз. Чунки хорижда маҳаллий янгиликларга қизиқиш катталиги оқибатида маҳаллий нашрларга ҳам талаб юқори. Марказий газета жойларда содир бўлган воқеа ё ҳодиса ҳақида одатда қисқа ахборот билан қаноатланади. Бу ҳақда маҳаллий нашр сўз юритганда, анча кенг, батафсил маълумот беради. Шу сабабли одамлар кўпроқ маҳаллий газетани ўқишади.
Журналистика фақат ҳокимият тизими (келишиб олсак, “ҳокимият” деганда тизимни назарда тутаман, идора ҳақида гап кетганда “ҳокимлик” сўзини ишлатаман) хоҳлаган, унга керакли бўлган ахборотни тарқатиш билан шуғулланса, у ҳеч кимга керак бўлмай қолади. Шу кеча-кундузда оддий одамлар орасида муҳокама этилаётган, долзарб бўлган мавзуни кўтара олган, аҳолини қийнаётган, оддий фуқаро давлат идораларига олиб чиқолмайдиган муаммоларни баралла айтган, чиқиши билан жамиятга амалий ёрдами теккан журналистикагина аҳоли орасида обрў-эътиборга эга бўла олиши мумкин.
Маҳаллий нашрларга назар солсангиз, улардан айримлари том маънода газета эканлигига сизда шубҳа уйғонади. Асосий эътибор ҳокимлик ва унинг бўлимлари томонидан амалга оширилган ишларга қаратилган, туманда гўёки ҳеч қандай муаммо йўқдек. Нега бўлмаса одамлар сарсон бўлиб турли ташкилотларга шикоятлар ёзмоқда? Президент виртуал қабулхонасига 3 миллион 700 мингтага яқин аризалар қаердан жўнатилди? Демак, жойларда аҳоли муаммосига эътибор қаратилмаяпти, бу ишда маҳаллий нашрлар одамлар дардига шерик бўлиш ўрнига ҳокимликлар томонида туриб олган.
Маҳаллий нашрларнинг “тиши ўтмас” бўлиб қолганлиги журналистларга бўлган муносабатда ҳам кўринмоқда. Туман газеталарига амалдорларнинг беписандлиги Хоразмда журналист Давлатназар Рўзметов билан бўлган воқеада яққол намоён бўлди. Бу билан туман маъмурияти раҳбари ўзи қандай мавқега эга эканлиги, журналист жойи қаердалигини кўрсатиб қўймоқчи бўлди. Амалда кўрсатди ҳам. Афсус...
Журналист ва журналистиканинг жамиятдаги мавқеи, обрў-эътибори, нуфузини ошириш ўзимизга ҳам боғлиқ. Бунинг учун биздан яратилган имкониятлардан, мавжуд қонунчилигимиздан фойдаланган ҳолда, ички цензурадан воз кечиб, ОАВда ҳаёт ҳақиқатларини ёритиб бориш, уларга таҳлилий ёндашмоқ талаб этилади. Бу эса аксариятимиз бажар оладиган вазифалардир.
Буни қарангки, кичкина Финландияда 200тадан кўпроқ газета чоп этилар ва уларнинг аксарияти маҳаллий нашрлар экан. Ушбу мамлакат кейинги йилларда Бутунжаҳон матбуот эркинлиги индексида мунтазам юқори ўринларни эгаллаб келмоқда. Бу эса сўз эркинлиги, мавжуд муаммоларни матбуотга очиқ олиб чиқиш билан газеталарнинг сифати ва таражи чамбарчас боғлиқлигининг яққол исботи эмасми?!
Тошпўлат РАҲМАТУЛЛАЕВ,
Самарқанд вилояти бўйича ўз мухбиримиз
https://nuz.uz/mening-zbekistonim/37017-mazhburiy-obuna-gazetalar-tirazhining-pastligi-va-zhurnalist-obr-etibori-orasida-bolilik-bormi.html