Куни кеча тунда Остонадаги Ойил кўчасида жойлашган икки қаватли ётоқхонада ёнғин юз берди. Бир оиланинг 2006, 2009, 2012 ва 2013 йилларда туғилган тўрт фарзанди ис газидан заҳарланди, дея хабар берди Қозоғистон ИИВнинг фавқулотда вазиятлар қўмитаси(ФВҚ).
Ётоқхонадаги хоналардан бирида уй жиҳозлари ёниб кетди. Ўт ўчирувчилар томонидан 10 киши бинодан эвакуация қилинди ва бир болакай қутқариб қолинди.
"Ис газидан заҳарланган бир оиланинг тўрт фарзанди шифохонага ётқизилди. Ёнғинни ўчиришга Остона Фавқулотда вазиятлар департаментининг 15 кишидан иборат шахсий таркиби ва 4та ўт ўчириш техникаси жалб қилинди", – дея хабар берди ФВҚ.
Дастлабки маълумотларга кўра, ёнғинга электр симидаги қисқа туташув сабаб бўлган бўлиши мумкин.
Жума кундан бошлаб Остонадаги кўпболали оилаларнинг уйларига ис газидан сақланувчи жиҳозлар ўрнатила бошланди. Қозоғистоннинг бошқа минтақаларида ҳам турар-жой мавзелари бўйлаб рейдлар уюштирилмоқда.