Дубайда Марказий Осиёдаги қум ва чанг бўронлари манбаларини хариталаш ва хавфни юмшатиш масаласи муҳокама қилинди.
ТОШКЕНТ, 4 дек — Sputnik. Ўзбекистоннинг катта ҳудуди чанг бўронларининг салбий таъсирига учраган. Бу ҳақида Ўзбекистон экология вазири Азиз Абдуҳакимов маълум қилди.
Дубайдаги “Dubai Expo” марказидаги "Ўзбекистон" павильонида "Марказий Осиёдаги чанг бўронлари манбаларини хариталаш ва юмшатиш" мавзусида тадбир ўтказилди.
Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимовнинг сўзларига кўра, қум ва чанг бўронларига қарши курашиш учун барча даражадаги комплекс ҳаракатлар, ер билан муносабатларни қайта кўриб чиқиш, илмий ёндашув, илмий далилларга таяниш, академиклар, мутахассислар ва экспертларни бирлаштириш лозим.
“Ўзбекистон” павильонида қум ва чанг бўронлари муаммосига эътибор қаратаётганимиз бежизга эмас. Бу нафақат Ўзбекистон, балки бутун дунё учун ўта муҳим мавзу, иқлим ўзгариши эса бу экологик ҳодисани янада кучайтирмоқда. Мамлакат ҳудудининг катта қисми дашт ва чўллардан иборат бўлганлиги сабабли Ўзбекистоннинг катта ҳудуди чанг бўронларининг салбий таъсирига учраган. Шу сабабли муаммонинг самарали ечимини топиш мақсадида олимлар, мутахассисларни Тошкентда янги ташкил этилган Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришларини ўрганиш университети (Central Asian Green University) негизида бирлаштиришни мақсад қилганмиз” — деди вазир.
У қум ва чанг бўронларининг трансчегаравий табиатини ҳал қилиш учун минтақавий ҳамкорлик зарурлиги, қулай молиялаштириш ва ресурсларни сафарбар қилиш кераклигини алоҳида қайд этди.
Шу билан бирга, қум ва чанг бўронлари ҳаво ва сув сифатига, саломатликка ва экотизимга жиддий зарар етказиши, бўронларни антропоген манбаларининг фаол нуқталарини хариталаш орқали аниқлаш муҳим аҳамиятга эгалиги, хавф таъсирини юмшатиш учун биргаликдаги саъй-ҳаракатлар лозимлиги таъкидланди.
Марказий Осиё мамлакатларида ёнғин хавфсизлиги шароитларини прогнозлаш, эрта огоҳлантириш ва мониторинг қилиш тизимлари тўлиқ ишлаб чиқилмаган. Бу эса қум ва чанг бўронлари кузатиладиган мамлакатлар ўртасида ўзаро маълумотлар алмашишни қийинлаштиради ва экологик муаммоларни юмшатиш ҳаракатларига путур етказади.
Маълумот учун, Марказий Осиёнинг 80 фоиздан ортиғини чўл ва даштлар эгаллаган. Улар чанг ва қум бўронларининг муҳим табиий манбаси ҳисобланади. Бироқ бу ландшафтларда иқлим ўзгариши ва ердан беқарор фойдаланиш амалиёти кузатилганлиги сабабли Марказий Осиёда қум ва чанг бўронларининг антропоген манбалари учун шароитлар пайдо бўлмоқда.
Бундан ташқари, Орол денгизининг қуриши 100 миллион тонна чанг ва заҳарли туз манбайи бўлган 5,5 миллион гектар шўр чўлнинг ўзлаштирилишига олиб келди. Ҳудудда мелиорация ишлари олиб борилмоқда, ўрмонлар майдони 1,7 миллион гектарни ташкил этади.