Пайғамбар ёши, қора олтин, кумуш тола: ўзбек тилидаги тасвирий ифодаларни биласизми?

29 октября 2023 Пайғамбар ёши, қора олтин, кумуш тола: ўзбек тилидаги тасвирий ифодаларни биласизми?

Тасвирий ифодалар ҳозирги ўзбек тилида кўплаб юзага кела бошлаган. Масалан, зангори экран – телевизор, зангори олов – табиий газ, кумуш тола – пилла кабилар ХХ аср тафаккурининг маҳсули.

Ҳар бир тилда мутахассислар тасвирий ифода, парафраза деб атайдиган иборалар қатлами борки, улар ёрдамида фикримиз образли ва таъсирчан ифодаланади. Масалан, ўзбек тилида оқ олтин деган ибора бор ва у бизга пахтани олтинга ўхшатиб тушунтириб беради. Шу аснода оқ олтин тасвирий ифодаси пахтанинг иккинчи номи бўлиб қолган.

Тилдаги ҳар бир тасвирий ифоданинг ясалиш вақти бўлади. Масалан, оғир ва узоқ меҳнат натижаси бўлган пахтани оқ олтин аташ пахта яккаҳокимлиги даврларида яратилган, чунки ўша даврларда ҳақиқатан пахта олтинга тенглаштирилган.

Ўзбек тилидаги дала маликаси тасвирий ифодаси ундан ҳам аввалги даврларнинг маҳсулидир. ХХ асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб Ўзбекистонда ҳам маккажўхори жуда кўп экила бошлаган. Бу қишлоқ хўжалиги маҳсулотини маликага ўхшатиш ўша давр матбуотининг натижасидир. Ҳатто газеталарда “Дала маликасига кенг йўл!”, “Дала маликасини кўпайтирайлик” сингари шиормонанд гаплар бот-бот ёзилган.

Тасвирий ифодаларнинг яратилиши тилнинг барча даврлари учун бирдай унумли эмас. Масалан, одам уш-шууаро (шоирлар Одам Атоси – Рўдакий), амири муқарраб (Алишер Навоий), амир ул-умаро (Муҳаммад Солиҳ), Каъбайи мақсуд (Хожа Аҳрор Валий) каби парафразаларнинг яратилиш вақти эски ўзбек тили даврига тўғри келади. Бироқ эски ўзбек тили даврида тасвирий ифодалалр бугунгидек кўп бўлмаган. Тасвирий ифодалар асосан оммавий ахборот воситалари тилининг ажралмас қисмидир.

Тасвирий ифодалар ҳозирги ўзбек тилида кўплаб юзага кела бошлаган. Масалан, зангори экран – телевизор, зангори олов – табиий газ, кумуш тола – пилла кабилар ХХ аср тафаккурининг маҳсули. Ҳаётимиз қомуси – конституция тасвирий ифодаси эса мустақиллик даврида пайдо бўлган.

Баъзи тасвирий ифодалар жуда мувафаққиятли чиқади ва тилда тез оммалашади, оддий одамларнинг ҳам тилига тушади ҳамда кундалик нутқнинг таркибий қисмига айланади. Улар орасида бир эмас, икки ва ундан ортиқ нарсаларни билдирадиганлари ҳам учрайди.

Масалан:

ақл гимнастикаси I

шахмат

ақл гимнастикаси II

математика

қора олтин I

нефть

қора олтин II

кўмир

само лочини I

бургут

само лочини II

учувчи

аср вабоси I

гиёҳвандлик

аср вабоси II

ОИТС

Баъзан битта нарсани бир неча тасвирий ифода билдиради. Масалан, техника асри ҳам, атом асри ҳам “ХХ аср” деган маънони англатади.

Ғазал мулкининг султони, ўзбек тилининг асосчиси тасвирий ифодалари “Алишер Навоий” шахсини билдиради.

Ҳозирги кунда ҳам тасвирий ифодалалр ҳосил қилинмоқда. Масалан, "интернет"ни билдирадиган виртуал олам тасвирий ифодаси, “футболчи қизлар”ни ифодалайдиган яшил майдон маликалари тасвирий ифодалари истиқлол йилларида ясалган.

ХХ асрнинг иккинчи ярмидан кейин яратилган баҳор элчиси (қалдирғоч), баҳор даракчиси (бойчечак), барака уруғи (чигит), кумуш чойшаб (қор), маърифат маскани (кутубхона), илм ўчоғи (мактаб, кутубхона), билим манбаи (китоб) сингари тасвирий ифодалар ҳозирги кунда ҳам фаол ишлатилмоқда. Бунга шу тасвирий ифодалар англатадиган воқеликнинг эскирмаслиги сабаб бўлган.

Шундай тасвирий ифодалар борки, улар вақт ўтиши билан қўлланишдан тўхтайди ва тилнинг унумсиз фондига ўтади. Вақти келиб бутунлай унутилади, чунки улар ифодалайдиган тушунчаларнинг ўзи эскиради, тил эгалари ҳаётида ўша тушунчага эҳтиёж қолмайди. Масалан, дала маликаси тасвирий ифодаси маккажўхори ўсимлигининг Ўзбекистонда кўп экилган вақтлар матбуоти тилида фаол қўлланган. Аммо ҳозирги кунда бу тасвирий ифодани кўп ишлатилади, деб бўлмайди. Шунингдек, пўлат этак (пахта терим машинасининг бункери), пўлат от (трактор) каби тасвирий ифодаларнинг ҳам қўлланиш доираси бугунги кунда ғоят чегараланган. Бу ҳолат тасвирий ифодаларнинг тилда яшаш тарзи халқнинг яшаш тарзи билан жипс боғлиқлигини кўрсатади.

Тасвирий ифодаларни билиш ўқувчилар ёшлар учун ҳам, катталар учун ҳам бирдай фойдали. Нутқда улардан тўғри, ўринли ва жўяли фойдаланиш орқали фикр таъсирчан ифодаланади. Айниқса, оммавий ахборот воситалари ходимларига жуда зарур бўлгани учун қуйида машҳур тасвирий ифодалар луғатини ҳавола этамиз.

адаб пешвоси – Маҳмуд аз-Замахшарий

амир ул-умаро – вазирлар

ақлли машина – компьютер

араблар ва ғайриараблар устози – Маҳмуд аз-Замахшарий

аср вабоси – гиёҳвандлик

аср вабоси – ОИТС

атом асри – ХХ аср

баҳор даракчиси – бойчечак

баҳор элчиси – қалдирғоч

баланд чўққилар хўжайини – бургут

барака уруғи – чигит

бахтимиз қомуси – конституция

бахт ва шодлик куйчиси – Ҳамид Олимжон

бахт қуши ­– ҳумо

билим булоғи – китоб

билим манбаи – китоб

билим маскани – мактаб

бутун дунё устози – Замаҳшарий

буюк техник кашфиётлар асри – ХХ аср

дала маликаси – маккажўхори

давлат устунлари – ҳукумат раҳбарлари

деҳқоннинг қаноти – трактор

денгиз ҳокими – кит

дунё томи – Помир

экиннинг қони – сув

фалакнинг гардиши – тақдир тақозоси

футбол қироли – Пеле

ҳаётимиз қомуси – Конституция

ҳайвонлар шоҳи – шер

илм калити – китоб

илм маскани I – мактаб

илм маскани II – кутубхона

илм маскани III – институт, университет

илм ўчоғи – мактаб

киши руҳининг инженерлари – ёзувчилар

кумуш тола – пилла

кумуш тола заҳматкашлари – пиллакорлар

кумуш чойшаб – қор

кунчиқар юрт – Япония

кўҳна қитъа – Европа

кўкнинг фонуси – ой

кўзнинг оқу қораси – фарзанд

лолалар юрти – Голландия

малик ул-калом – Лутфий

малик уш-шуаро – Муҳаммад Солиҳ

мангу музликлар диёри – Антрактида

мавжудотлар султони – инсон

маърифат маскани – кутубхона

миллионлар ўйини – футбол

мўйқалам соҳиблари – рассомлар

нон шаҳри – Тошкент

одам уш-шуаро (шоирлар Одам Атоси) – Рўдакий

олтин бошоқ – буғдой

оқ олтин – пахта

оқ олтин ижодкорлари – пахтакорлар

оқ олтин тоғлари – пахта уюмлари

оқ чашма – сут

оқ чашма соҳибалари – сут соғувчилар

осмон илми – астрономия

осмоннинг кўз ёшлари – ёмғир

осойишталик поспонлари – милиция ходимлари

озодлик ороли – Куба

пири туркистоний – Аҳмад Яссавий

пайғамбар ёши – олтмиш уч ёш

палахмон тоши – қиз бола

пўлат этак – бункер

пўлат от – трактор

пўлат қуш –самолёт

қадимшунослик– археология

қалам аҳли – шоир ва ёзувчилар

қанотли дўстлар – қушлар

қироллик клуби – "Реал" жамоаси

қора қитъа – Африка

қушлар шоҳи – бургут

ракетка усталари – теннисчилар

саҳро кемаси – туя

само лочини I – бургут

само лочини II – учувчи

сеҳрли диёр – Америка

султон ул-орифин – Аҳмад Яссавий

тил муҳандислари – тилшунослар

тилсиз ёв – олов

туманли Албион – Англия

уйғониш фасли – баҳор

ватан посбонлари – ҳарбийлар

ватанимиз юраги – Тошкент

виртуал олам – интернет

харобалар султони – бойқуш

яшариш фасли – баҳор

яшил бойлик – ўрмон

яшил майдон раққоси – Диего Марадона

яшил водий – Фарғона

яйлов баҳодирлари – чўпонлар

ерости бўрони – зилзила

етти хазинанинг бири I – сигир

етти хазинанинг бири II – товуқ

етти хазинанинг бири III – тегирмон

етти хазинанинг бири IV – обжувоз

етти хазинанинг бири V – мевали дарахт

етти хазинанинг бири VI – ипак қурти

етти хазинанинг бири VII – асалари

зангори экран – телевизор

зангори кема – пахта терим машинаси

зангори кема капитани – пахта терим машинаси ҳайдовчиси

зангори олов – табиий газ

ўрмон маликаси – арча

ўрмон санитари – бўри

ўрмон шоҳи – шер

ғазал мулкининг султони – Алишер Навоий

шакар деҳқон – Неъмат Аминов (ёзувчи)

Шарқнинг олтин дарвозаси – Тошкент

Шарқ Рими – Самарқанд

Шарқ юлдузи – Тошкент

шайх ул-машойих – Аҳмад Яссавий

шайх ур-раис – Ибн Сино

чарм қўлқоп усталари – боксчилар

чарм тўп усталари – футболчилар

Эслатиб ўтамиз, ўтган галги мақоламизда ўзбек халқ паремалари қандай шакллангани ҳақида маълумот берган эдик.

“Ўзбекнинг ўз сўзлари” рукнимиз орқали ҳар ҳафтада ўзбек тилига оид жуда қизиқ маълумотларни билиб оласиз ва сўз бойлигингизни оширасиз.