1 июндан эътиборан YouTube видеоҳостинги платформада мавжуд бўлган барча видеоклипларга уларни жойлаштирганларнинг розилигисиз реклама роликларини қўшади.
Бу қарор ҳақидаги батафсил маълумотни компания веб-сайтидаги «Фойдаланиш шартлари» бўлимидан топиш мумкин.
Эндиликда рекламалар шериклик дастури доирасида амалга оширилади. Ушбу дастурда иштирок этиш учун иккита шарт бажарилиши талаб қилинади: йилига камида мингта абонент ва тўрт минг соатлик кўриш.
Шунингдек, америкалик бўлмаган барча видео ижодкорларининг даромадлари қайта кўриб чиқилади ва АҚШ қонунчилигига биноан солиққа тортилади. Бунинг учун ижодкорлар солиқ тўғрисидаги маълумотлари, юридик шахс номи ва канал номи ҳақида маълумот бериши керак бўлади. Агар бундай маълумотлар тақдим этилмаса, ҳостинг даромаднинг 24 фоизини автоматик сақлаб қолиши мумкин.
Маълумот учун, YouTube бу видеоҳостинг хизмати бўлиб, фойдаланувчиларга видеоларни сақлаш, етказиб бериш ва намойиш қилиш хизматларини тақдим этади. Ушбу видеоҳостинг дунёдаги энг кўп ташриф буюриладиган иккинчи ижтимоий тармоқдир. Сайтда фойдаланувчиларга видеоларни юклаб олиш, кўриш, баҳолаш, фикр билдириш имкониятлари берилади.